Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Германия аэронавигация хизматлари провайдерларининг ҳамкорликдаги ташаббуси билан парвоз хавфсизлигини ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро воркшоп ташкил этилди.
Тадбирда «Ўзаэронавигация»Маркази мутахассислари, шунингдек «Қирғизаэронавигация» ва «Тожиқаэронавигация»вакиллари иштирок этдилар. Асосий ҳамкор сифатида Германиянинг етакчи аэронавигация хизматлари провайдери DFS Aviation Services қатнашди.
Семинар давомида DFS вакиллари Германияда аэронавигация соҳасини ташкил этиш ва тартибга солиш бўйича амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Қатнашчилар учун энг қизиқарли қисм интерактив сессия бўлиб, унда томонлар ўзаро фикр алмашиб, жаҳон амалиётини Марказий Осиёда қўллаш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Мазкур тадбир «Ўзаэронавигация» ва DFS Aviation Services ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумининг амалий натижаси ҳисобланади. Бу қадам Ўзаэронавигациянинг жаҳон тенденцияларига ҳамоҳанг равишда илдам қадам қўйиш, илғор стандартларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётганини кўрсатади.