Куни кеча Душанбеда ҳаводаги ҳаракатни хизматига оид йўналишларни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги Махсус мувофиқлаштириш йиғилиши (ICAO Route Development Group East Special Coordination Meeting) ўз ишини бошлади.
Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси, шунингдек Марказий Осиё, Кавказ давлатлари, Туркия, Россия, Эрон ва Мўғулистон вакиллари иштирок этмоқда. Тадбирга халқаро ташкилотлар ва компаниялар ҳам қизиқиш билдирди - иштирокчилар орасида IАТА, Delta Air Lines, Air France, KLM, Finnair авиакомпаниялари, Jeppesen компанияси ҳам бор.
Йиғилишнинг асосий вазифаси Кавказорти, Марказий Осиёнинг Яқин Шарқ билан туташ ҳудудлари, шунингдек, ICАО Европа минтақасининг Узоқ Шарқ йўналишлари тармоғи ва ҳаво ҳудуди тузилмасини оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Ишчи гуруҳ ҳаво қатновига хизмат кўрсатишнинг янги йўналишларини жорий этишни режалаштириш, йўналишлар тармоғини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шунингдек, ICАОнинг чегарадош минтақалари давлатлари билан зарур мувофиқлаштиришни амалга ошириш билан шуғулланади.