Қозоғистоннинг Остонa шаҳрида Марказий Осиё ва Хитой давлатларининг фуқаролик авиацияси бўйича ишчи гуруҳи йиллик конференцияси очилди

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Марказий Осиё ва Хитой давлатларининг фуқаролик авиацияси бўйича ишчи гуруҳи йиллик конференцияси — Central Asia + China (C5+1) Civil Aviation Coordination Working Group Conference ўз ишини бошлади.

Тадбир авиация соҳасининг етакчи мутахассислари ва экспертларини бир майдонга тўплаб, мамлакатлар ўртасидаги авиация алоқаларини ривожлантиришга қаратилган очиқ мулоқот, тажриба алмашиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш учун платформа яратиб берди.

Конференцияда «Ўзаэронавигация» Маркази делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва «Ўзавиация» агентлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Дастур доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва келгусидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ҳар бир иштирокчи давлат ҳаводаги ҳаракатнинг жорий ва режалаштирилаётган кўрсаткичлари бўйича тақдимот ўтказди. Тақдим этилган маълумотлар минтақа ҳаводаги ҳаракатнинг жадал ўсишини намоён этиб, Марказий Осиё дунёдаги энг тез ривожланаётган минтақалардан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.

Конференциянинг алоҳида қисмида мавжуд ва режалаштирилаётган аэропортлар салоҳияти, ҳаводаги ҳаракатни ташкил этишнинг янги йўналишларини жорий этиш, шунингдек, Хитойнинг COMAC компанияси авиация маҳсулотлари бўйича тақдимотлар ўрин олди.

C5+1 форматидаги конференция Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, қўшма лойиҳалар учун янги имкониятлар яратишга, авиация хизматлари сифати ошишига ҳамда минтақанинг жаҳон авиация соҳасидаги позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

20-Avgust, 2025-yil 20:51