«Ўзаэронавигация» Марказий Осиёда биринчи бўлиб Green ATM аккредитациясини олди

«Ўзаэронавигация» Маркази вакиллари делегацияси Евроосиё минтақаси аэронавигация хизматлари провайдерларининг раҳбарлари йиғилишида иштирок этди. Учрашув CANSO Eurasia доирасида ташкил этилган бўлиб, Олмаота шаҳрида бўлиб ўтди.

Йиғилишда томонлар минтақада парвозлар хавфсизлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, аэронавигация соҳасида инновацион ечимларни жорий этиш ва барқарор ривожланиш тамойилларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунларига кўра, «Ўзаэронавигация» глобал Green ATM ташаббуси доирасида 1-даражали аккредитация сертификатига сазовор бўлди. Бу ютуқ Марказнинг экологик барқарор ривожланиш ва «яшил» технологияларни фаол жорий этаётганини намоёндаси бўлиб, 2025- йилнинг Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани билан янада рамзий аҳамият касб этади. Бу эса, ўз ўрнида миллий устувор йўналишларнинг глобал барқарор ривожланиш тенденцияларига уйғунлигини кўрсатади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, дунёда Green ATM аккредитациясига эга бўлган давлатлар сони атиги 12 та бўлиб, «Узаэронавигация» Маркази ҳам эндиликда улар қаторидадир.

15-Sentabr, 2025-yil 20:59