"Ўзаэронавигация" Маркази Сифат менежменти тизимида хавфларни бошқариш

“Ўзаэронавигация” Маркази давлат унитар корхонаси (ДУК) – Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида аэронавигация хизматларини тақдим этувчи стратегик аҳамиятга эга ташкилотдир. Корхонанинг асосий мақсадларидан бири – тақдим этилаётган хизматларнинг юқори сифати ва хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Бу эса, ISO 9001:2015 халқаро стандартига мувофиқ Сифат менежменти тизимини (СМТ) жорий этиш ва уни доимий равишда такомиллаштиришни тақозо этади.

СМТнинг марказий тамойилларидан бири – хавфларга асосланган ёндашувдир. Бу ёндашувга кўра, ҳар бир қарор, жараён ёки фаолият натижаси сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавфлар олдиндан аниқланиши, таҳлил қилиниши ва улар бўйича тегишли чоралар кўрилиши лозим. Хавфларни бошқариш тизими жорий этилиши “Ўзаэронавигация” Марказининг барча ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини қамраб олади.

Хавфларни бошқариш — бу корхонанинг асосий ва ёрдамчи жараёнлари билан боғлиқ хавфларни тизимли равишда аниқлаш, таҳлил қилиш, баҳолаш, камайтириш ва мониторинг қилишдан иборат жараёндир. “Ўзаэронавигация” Марказида бу жараён:

  • Ишлаб чиқариш жараёнлари (аэронавигация маълумотларини янгилаш, хизматлар кўрсатиш сифатини назорат қилиш),
  • Бошқарув жараёнлари (ресурслар билан таъминлаш, ҳужжатлар айланмаси, ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш)
  • каби соҳаларда амалга оширилади.

Корхона хавфларни самарали бошқариш учун замонавий усуллар ва инновацион ёндашувлардан фойдаланади. Айрим ҳолларда стандарт бўлмаган, аммо амалиётда ўзини оқлаган механизмлар ҳам татбиқ этилади. Бу нафақат хавфларни камайтириш, балки уларни фойдага айлантириш имконини ҳам беради.

“Хавф” тушунчаси ўз ичига ноаниқликларнинг рўй бериши, ташқи ва ички омиллар таъсири, ҳамда эҳтимолий салбий оқибатларни қамраб олади. Уларни тўлиқ аниқлаш доим ҳам мумкин эмас, чунки муайян хавфларнинг сабаблари ҳар бир бўлинманинг иш шароитига қараб ўзгариши мумкин. Шу сабабли хавфларни таҳлил қилиш жараёнида уларнинг тузилиши, элементлари ва ўзаро боғлиқликларини тушуниш муҳим аҳамият касб этади.

Хавфларни бошқаришнинг асосий мақсади — “Ўзаэронавигация” Маркази фаолиятининг ишончлилигини таъминлаш, тизимларнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва манфаатдор томонлар олдидаги мажбуриятларни бажаришни кафолатлашдир. Ҳавфларни самарали бошқариш натижасида хизматларнинг барқарорлиги таъминланади, уларнинг рақобатбардошлиги сақланади, ташқи таъсирларга чидамлилиги ошади ҳамда корхонанинг молиявий ва хўжалик фаолияти кўрсаткичлари яхшиланади.

Назарий ёндашувларни амалий фаолиятга жорий қилиш орқали корхона хавф ҳодисаларининг салбий таъсирини минималлаштиради, ижобий натижаларни эса максимал даражада оширади. Масалан, хавфнинг алоҳида элементларига таъсир қилиш ёки улар ўртасидаги боғлиқликни ўзгартириш орқали хавф даражасини пасайтириш мумкин.

Хавфларнинг хилма-хиллиги ва уларга нисбатан амалга ошириладиган чора-тадбирлар турли бўлгани боис, уларни тизимлаштириш ва доимий равишда таҳлил этиш зарур. Бу вазифа “Ўзаэронавигация” Марказининг хавф-менежмент тизими орқали самарали ҳал қилинади.

Сифат менежменти тизимида хавфларни бошқариш — бу фақат талаб ёки тартиб эмас, балки “Ўзаэронавигация” Марказининг стратегик барқарорлиги ва хизматлар сифатига таъсир этувчи муҳим омилдир. Корхона хавфларга онгли, тизимли ва илмий ёндашиш орқали ўз фаолиятида барқарорликка эришмоқда ва аэронавигация хизматларининг хавфсизлиги ҳамда самарадорлигини таъминламоқда.

7-Avgust, 2025-yil 22:18