Ҳаводаги ҳаракат хавфсизлигини узлуксиз бошқариш ҳар қандай вазиятга тўлақон тайёргарликни талаб этади. Авиадиспетчернинг вазифаси ташқи омиллардан қатъи назар, парвозларни аниқ ва узлуксиз ташкил этишдан иборат масъулиятли ишдир.
Шу боис, "Ўзаэронавигация" Марказида маҳаллий ишлаб чиқарувчи билан ҳамкорликда яратилган кўчма қўмондонлик-диспетчерлик пункти (КҚДП) ҳам мавжуд. Мажмуа автомобил платформасига ўрнатилган бўлиб, мустақил электр таъминоти тизими, замонавий алоқа воситалари ва авиадиспетчерлар учун тўлиқ жиҳозланган иш ўринлари билан таъминланган.
КҚДП 15 дақиқа ичида тезкор равишда ишга туширилиши мумкин ва доимий инфратузилма мавжуд бўлмаган ҳолларда – вақтинчалик аэродромларда, ўқув машғулотлари пайтида, оммавий тадбирлар ўтказилаётганда ёки захира сифатида қўлланилади.