Аниқ навигация ва парвозлар хавфсизлиги: Мўйноқда DVOR/DME радиомаёғи ишга туширилди

Жорий йилнинг май ойида Мўйноқ аэродромида янги радионавигация ускунаси DVOR/DME допплер-азимут диапазони радиомаёғи ўрнатилиб, муваффақиятли ишга туширилди. Ушбу ускуна аэродром ҳудудида ҳаво кемаларининг аниқ навигациясини таъминлаш учун мўлжалланган.

DVOR/DME технологияси иккита муҳим тизимнинг бирикмасидир: ҳаво кемасининг маёққа нисбатан азимутини аниқлайдиган Допплер кўп йўналишли радиомаёқ (DVOR) ва ҳаво кемасигача бўлган масофани аниқлаш имконини берувчи масофани ўлчаш ускунаси (DME). Ушбу маълумотларнинг биргаликда қўлланилиши экипажларга ўз жойлашувини фазода аэродромга нисбатан аниқ белгилаш имконини беради.


Ушбу ускунанинг жорий этилиши қўнишга яқинлашиш ва парвозларнинг аниқлигини сезиларли даражада яхшилайди ва минтақада парвозлар хавфсизлигини мустаҳкамлайди. Радионавигация соҳасида замонавий ечимлардан фойдаланиш туфайли Мўйноқ аэродромида халқаро стандартларга мувофиқ ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади.

27-May, 2025-yil 18:35