"Ўзаэронавигация" мутахассислари янги овозли алоқа тизими бўйича таълим олишди

Вена шаҳридаги (Австрия) "Frequentis" компанияси заводида "Ўзаэронавигация" Маркази мутахассислари овозли алоқа тизими (VCS) бўйича билимларини ошириб келишди.

Таълим давомида иштирокчилар тизимнинг функционал имкониятлари ва тузилиши, унинг асосий қисмлари, шунингдек, ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш жараёнида овозли алоқани бошқариш вазифаларини ўргандилар. Айнан шу тизим яқин кунларда Нукус аэропортида ўрнатилади ва ишга туширилади, бу эса ҲҲБ диспетчерлари хизмат имкониятларини кенгайтириб, парвозларни бошқаришни янада хавфсиз ва барқарор қилишда ҳизмат қилади.

Ўқув дастури назарий машғулотлар билан бир қаторда, ускуналардан самарали фойдаланиш усулларини ўзлаштиришга қаратилган амалий машғулотларни ҳам ўз ичига олган.

Олинган билимлар келажакдаги овозли алоқа тизимининг ишончлилигини оширишга ва мамлакатимиз аэронавигация инфратузилмасига замонавий халқаро стандартларни жорий этишга хизмат қилади.

1-Dekabr, 2025-yil 10:47