Аэронавигация соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш доирасида, "Ўзаэронавигация" Маркази етакчи хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини изчил равишда ривожлантириб келмоқда.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 17–19 сентябрь кунлари "Ўзаэронавигация" Маркази делегацияси Германия Федератив Республикасига, мамлакатнинг миллий аэронавигация хизматларини кўрсатувчи провайдери — DFS (Deutsche Flugsicherung GmbH) таклифига биноан ташриф буюрди.
Ташриф доирасида "Ўзаэронавигация" Маркази директори ва DFS бош раҳбари Арндт Шенеманн ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, авиация ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ҳаводаги ҳаракатни бошқариш соҳасидаги илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Марказ ходимлари DFSнинг ўқув маркази ва ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Франкфурт шаҳрида жойлашган Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш марказига ташриф доирасида ҳаводаги ҳаракат оқимларини режалаштириш ва ташкил этиш, ҲҲБ тизимларининг фаолияти ҳамда авиация персоналини тайёрлаш ва малакасини ошириш стандартлари бўйича тажриба алмашинуви амалга оширилди.
Ташриф якунлари бўйича "Ўзаэронавигация" Маркази ходимлари учун DFS академиясида махсус курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.