“Ўзаэронавигация” Маркази ДУК томонидан ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Ушбу стратегия доирасида ташкилот мутахассислари IATA Training халқаро ўқув маркази томонидан ташкил этилган Чарчоқ хавфини бошқариш тизимлари (Ф(Fatigue Risk Management Systems, FRMS) бўйича ихтисослаштирилган курсни тамомладилар.
Миллий авиация тизими учун халқаро курс
2025-йилнинг 1-3 июл кунлари Марказ ходимлари халқаро стандартлар ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) тавсия этилган амалиётига мос равишда онлайн тарзда ўтказилган интенсив ўқув дастурида иштирок этдилар. Курс саноатнинг асосий йўналишлари бўйича авиация мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган халқаро ҳаво транспорти Ассоциациясининг (IATA) нуфузли ўқув маркази томонидан ташкил етилди.
Машғулотлар чарчоқнинг табиати, унинг инсон омили ва парвозлар хавфсизлигига таъсири ҳақида чуқур тушунча ҳосил қилиш, шунингдек, тегишли хавфларни баҳолаш ва минималлаштиришнинг замонавий усулларини ўзлаштиришга қаратилган. Дастур меъёрий-ҳуқуқий базани ўрганиш, толиқишни бошқариш бўйича турли ёндашувларни таҳлил қилиш ва ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш миллий органининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда FRMS тизимини амалий татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқишни ўз ичига олган.
Курсда назарий билимларни “Ўзаэронавигация” Маркази авиадиспетчерлик ва техник ходимларининг реал иш шароитларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Амалий эътибор ва тажрибали халқаро ўқитувчиларнинг иштироки туфайли тренинг ташкилотнинг ички салоҳиятини ва унинг инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги муаммоларни самарали енгиш қобилиятини оширишнинг муҳим элементига айланди.
Курсни тугатгандан сўнг барча иштирокчилар якуний имтиҳонни муваффақиятли топширдилар ва FRMS соҳасида юқори даражадаги тайёргарликни тасдиқловчи расмий IATA Training сертификатларини олдилар.
Ушбу курснинг якунланиши “Ўзаэронавигация” Маркази ДУКнинг парвозлар хавфсизлиги тизимини мунтазам такомиллаштириш, халқаро авиация стандартларига мувофиқлигини таъминлаш ва ходимларнинг касбий малакаларини ривожлантиришга қаратилган стратегик вазифаларини амалга оширишда муҳим босқич бўлди.