Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ёшлар билан учрашди: соҳа келажаги масалалари ва малака ошириш йўллари муҳокама қилинди

Куни кеча транспорт вазири мамлакатимиз транспорт соҳасини ривожлантиришга қизиқувчи ёшлар билан учрашди. Тадбирда “Ўзаэронавигация” Маркази” ДУК директорининг ҳаводаги ҳаракатни бошқариш бўйича ўринбосари ҳамда корхонанинг амалдаги авиадиспетчерлари иштирок этди.

Учрашув давомида ёш иштирокчилар касбий ўсиш истиқболлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳамда транспорт ва аэронавигация соҳаси мутахассисларига қўйилаётган замонавий талаблар бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Шунингдек, тадбир давомида “Инновацион ғоялар” кўрик-танловида иккинчи ўринни эгаллаган “Ўзаэронавигация” Маркази ДУК  ходимларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолиблар илғор ечимларни амалиётга татбиқ этгани, соҳанинг инновацион салоҳиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун алоҳида эътироф этилди.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган ушбу учрашув ёшларнинг транспорт соҳасини барқарор ривожлантириш масалаларига юқори қизиқиши ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларда фаол иштирок этиш истагини намоён этди.

28-Iyun, 2025-yil 20:57