Глобал тажриба алмашинуви — маҳаллий ўсиш

"Ўзаэронавигация” Маркази ДУК халқаро алоқаларни изчил мустаҳкамлаб, касбий ҳамкорликни кенгайтириб, мутахассисларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратади. Ушбу йўналишдаги навбатдаги қадам корхона вакилларининг Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган “Раҳбарлар учун авиация сиёсати” мавзусидаги ICAO Fellowship Training Programme халқаро ўқув дастурида иштирок этиши бўлди.

Тадбир Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) ва Корея Республикаси "Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги" (МОLIТ) томонидан ташкил қилинган бўлиб, унда 10 га яқин давлат иштирок этди. Дастур фуқаро авиациясини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, жумладан: стратегик режалаштириш, барқарор ривожланиш, рақамлаштириш, халқаро ҳамкорлик ва инновацияларни қамраб олди.

Машғулотлар давомида амалиётга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Incheon халқаро аэропорти ва Korea Airports Corporation ўқув марказига ташриф буюриб, аэропортларни бошқариш ва авиация мутахассисларини тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари билан танишдилар. Маърузалар давомида Корея илмий-тадқиқот институтлари вакиллари сунъий йўлдош навигацияси (КАSS), вертипортни ривожлантириш ва илмий-тадқиқот ташаббуслари соҳасидаги миллий лойиҳаларни тақдим этдилар.

Таъкидлаш жоиз, бундай тажриба алмашиш “Ўзаэронавигация”га илғор халқаро тажрибани тезкорлик билан жорий этиш ва бошқа мамлакатлар авиация тузилмалари билан ишончли шериклик муносабатларини ўрнатишга ҳисса қўшиш имконини беради. Тренинг якунида, иштирокчиларга ИКАО сертификатлари топширилди ҳамда халқаро мулоқотни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва касбий ўсиш истаги учун миннатдорчилик билдирилди.

25-Iyun, 2025-yil 8:32