"Ўзаэронавигация" делегацияси Туркиядаги DHMI марказида замонавий аэронавигация ечимлари билан танишди

Ҳаводаги ҳаракатни ташкил этиш ва бошқариш соҳасидаги халқаро тажриба билан танишиш мақсадида “Ўзаэронавигация” Маркази делегацияси Истанбулда жойлашган DHMI ҳаво маконидан фойдаланишни бошқариш марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида мутахассислар ҳаво оқимларини ташҳис қилиш технологиялари, тактик режалаштириш дастурий таъминоти ҳамда парвоздан кейинги маълумотларни таҳлил қилиш технологиялариги ўрганишди. Ташриф чоғида TRO (Triple Runway Operation) тизими катта қизиқиш уйғотди. Мазкур технология бир вақтнинг ўзида учта учиш ва учта қўнишни амалга ошириш имконини яратиб, аэропортнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, делегация Отатурк ва Истанбул аэропортларининг диспетчерлик пунктларига ташриф буюриб, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимлари, жумладан, учиш ва қўниш зоналарида ҳаво ҳаракатни бошқаришда қўлланиладиган IRADA тизими билан яқиндан танишди.

Ташриф миллий аэронавигация тизимида замонавий ечимларни жорий этишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Ўрганилган тажриба ва ахборот алмашинуви “Ўзаэронавигация” Марказининг халқаро стандартларга мос ривожланишига хизмат қилади.

7-Avgust, 2025-yil 22:21