Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.10.2025 йилдаги ПФ-193-сон Фармонига кўра, "Ўзаэронавигация" Маркази расман Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида фуқаро авиациясида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш бўйича ваколатли орган, шунингдек, аэронавигация хизматларини таъминловчи этиб белгиланди.
Марказга юклатилган қўшимча вазифалар қаторида:
Радиолокация, радионавигация, алоқа ускуналарини, шунингдек, ҳаво ҳаракатини автоматлаштирилган бошқариш тизимларини модернизация қилиш ва замонавий технологик воситалар билан жиҳозлаш;
Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ҳамда ИКАО (ICАО) стандартлари ва тавсиялари асосида аэронавигация ва ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш бўйича тўловлар ва йиғимлар тизимини шакллантириш;
Парвозлар аниқлиги ва хавфсизлигини ошириш учун ИКАО талабларига мувофиқ хусусиятларга асосланган навигация тизимини (PBN) жорий этиш.
Ҳужжат доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2026-2028 йиллар давомида Давлат бюджети маблағларидан ҳар йили 250 миллиард сўмдан ажратилишини таъминлаш топширилди. Ушбу маблағлар аэродромлар ва ҳаво ҳаракатини бошқариш мажмуаларини модернизация қилиш, парвозларни радиотехник таъминлашнинг замонавий ускуналарини харид қилиш, шунингдек, аэропортларнинг аэродром мажмуаларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишга йўналтирилади.