Аэроэкология: аэронавигациядаги тоза ҳавони сақлашга ёрдам берадиган инновациялар

1988-йилда БМТ қарори билан Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (ИЎҲЭГ) ташкил этилган бўлиб, ушбу гуруҳ 2000 йилда глобал иқлимнинг ҳозирги ҳолати ва унинг истиқболлари бўйича ўз тадқиқотлари натижаларини тақдим этди. ИЎҲЭГ экспертлари глобал иқлим ўзгаришининг антропоген хусусиятини исботлади ва унинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўришга даъват этди. Антропоген хусусиятининг инсон ҳаётига таъсири бугунги кунда сезилмоқда ва яқин келажакда янада яққолроқ намоён бўлади ва Ер юзи аҳолисининг катта қисмига таъсир қилиши эҳтимоли мавжуд. Шу муносабат билан Ўзбекистонда 2025-йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2024-йил 20-ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида айтиб ўтди. Бугунги кунда мамлакатимизда бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, улар келажакда сайёрамизнинг атмосфера ва яшил қатламини муҳофаза қилиш учун қулай шароитлар яратишга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Транспортнинг авиация тури атмосфера ҳавосини энг кўп ифлослантирувчи омиллардан бири бўлиб, унинг атроф-муҳитга таъсири асосан авиация двигателларининг ишлатилган газлари билан атмосферага чиқариладиган заҳарли моддалар ифодаланади. Авиация барча антропоген чиқинди газларнинг 2,5% учун жавобгардир. Бироқ, самолёт чиқиндиларининг катта қисми иқлимга таъсирчан юқори тропосфера ва қуйи стратосферада содир бўлади. Самолёт углерод чиқарадиган жойдан узоқда яшовчи одамлар юқори баландликдаги ташламалар туфайли унинг таъсирини сезиларли даражада ҳис қилишлари мумкин. Транспорт соҳасида ҳаво транспорти атмосферага чиқиндилар чиқариш бўйича иккинчи ўринда туради.

Ҳар бир Ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш (ҲҲХК) мутахассиси бу глобал муаммони ҳал қилиш йўлида шахсан ўзи қандай чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрган ва биз мазкур мақолада ҲҲХКнинг энг сўнгги технологиялари ҳамда усуллари атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қанчалик ҳисса қўшиши ҳақида фикр-мулоҳаза юритишга ҳаракат қиламиз.

 

PBN - талаб қилинадиган навигация хусусиятларига асосланган навигация.

 Авиация ривожланишининг илк даврида учувчининг худудда мўлжал олишига катта зарурат юзага келди. Шу муносабат билан муҳандислар томонидан навигацияни амалга оширишга ёрдам берадиган йўналтирувчи радиостанциялар яратилди. Ўша даврда учувчилар ва авиадиспетчерлар учун таниш бўлган “радиостанцияга учиш” ва “радиостанциядан учиш” каби самолётларни бошқариш атамалари пайдо бўлди. Аммо парвоз йўналиши бўйлаб ҳар қандай керакли жойга йўналтирувчи радиостанцияларни жойлаштириш мумкин эмас эди, чунки улар доимий қувват таъминоти ва хизмат кўрсатишни талаб қиларди. Шунинг учун учувчилар маршрутларни ўзлари хоҳлаган траектория бўйлаб эмас, балки маёқлар жойлашган жойдан ўтишлари керак бўлган. Бу ҳолда парвоз эгри чизиқли бўйлаб амалга оширилган.

Зонал навигация каби янги технологияларнинг жорий этилиши билан исталган траектория бўйлаб парвозларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Зонал навигация ёки RNAV (Аrеа Navigation) сўнгги йилларда ер усти радио воситаларидан фойдаланувчи анъанавий навигация усулларини алмаштиришга муваффақ бўлди. Бугунги кунда авиация частоталарида диспетчернинг “CLEARED DIRECT TO” буйруғини кўп эшитиш мумкин, бу “тўғридан-тўғри парвозга рухсат бераман” деган маънони англатади, шунингдек парвоз рухсат этилган йўналиш нуқтаси одатда ер усти радио воситалари билан белгиланмаган, балки шунчаки координаталар билан берилган. Бундай буйруқни фақат RNAV борт ускунасидан фойдаланган ҳолда бажариш мумкин. Зонал навигация парвознинг барча босқичларида, шу жумладан энг муҳим - қўнишга кириш босқичида кенг қўлланилади. Келажакда сунъий йўлдош навигация тизимларининг ривожланиши билан зонал навигация анъанавий навигация усулларини бутунлай четлаштиради.

РНСга боғланмасдан парвозни амалга ошириш имконияти бир қатор афзалликларни беради. Биринчи навбатда, бу парвоз вақтини сезиларли даражада қисқартириш, яъни ёқилғи ва ҳаво кемасидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа харажатларни бевосита тежашдир. RNAV ускунасидан фойдаланган ҳолда парвозни амалга оширишда ер усти радионавигация воситаларининг кенг тармоғи талаб қилинмайди. Бундан ташқари, RNAV дан фойдаланиш ҳаво ҳудудидан самаралироқ фойдаланиш имконини беради ва шу билан унинг ўтказувчанлик қобилиятини оширади.

Ёнилғини тежаш миқдорини ҳисоблаш учун турли турдаги ҳаво кемаларининг авиация керосини сарфи бўйича дастлабки маълумотларни тақдим этиш керак. Шу тариқа, А320 типидаги самолёт учун ёнилғининг соатлик сарфи тахминан 2,5 тоннани, В-787 учун тахминан 5,5 тоннани, В-777 учун эса 7 тоннани ташкил этади. Яъни, қўшимча парвоз дақиқасида ортиқча ёқилғи сарфи А320 учун тахминан 40 кг, В-787 учун 90 кг ва В-777 учун мос равишда 115 кг ни ташкил қилади.

1 кг керосинни ёқиш учун тахминан 3,4 кг тоза кислород керак бўлади. Ҳаво фақат кислороддан иборат бўлмай, балки бошқа газлардан ҳам иборат бўлгани учун 1 кг керосинга тўғри келадиган ҳаво миқдори 14,8 кг бўлади. Одатда углерод диоксиди чиқиндилари миқдорини ҳисоблаш учун енгил формула қўлланилади, унда 1 кг керосин ёнганда 3 кг атрофида углерод диоксиди ажралиб чиқади.

 

2025 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида янги RNAV маршрутларини жорий этиш бўйича режалаштирилган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг экологик самарадорлиги таҳлили

Сўнгги тўрт йил ичида “Ўзаэронавигация” Маркази ДУК мутахассислари томонидан 20 та янги RNAV йўналишлари жорий этилди ва ҳозирги вақтда зонал навигация маршрутларининг умумий сони 70 тага етди. Зомин, Қўқон ва Шаҳрисабз аэропортларида Зонал навигация (RNAV) асосида ҳаракатланиш тартиблари муваффақиятли амалга оширилди. 2025-йилда Тошкентнинг Жанубий ва Шарқий, Андижон, Урганч ва Саросиё аэродромларида зонал навигацияга (RNAV) асосланган манёврланиш процедураларини жорий этиш режалаштирилган.

2025-йилда “Ўзаэронавигация” Маркази ДУК иккита янги зонал навигация маршрутларини жорий этишни режалаштирган ва тақдим этилган намунада биз экологик самарадорлик намоён бўлганини кўришимиз мумкин.

Дастлабки ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, биринчи маршрут 3 ДМ (5,7 км) масофани тежаш имконини беради. Ушбу ҳудудда йилига 15500 га яқин ҳаво кемаси парвоз қилади. Авиакомпаниялар учун йиллик ҳисобда 450 тоннага яқин ёқилғи тежалади. СО2 нинг зарарли чиқиндилари йилига 1400 тоннага камаяди. Йилига 21000 тонна атрофида ҳаво тежалади.

Иккинчи йўналишни жорий этиш 2 ДМ (3,7 км) масофани тежаш имконини беради. Ушбу ҳудуд бўйлаб йилига 3300 га яқин ҳаво кемаси парвоз қилади. Авиакомпаниялар учун йиллик ҳисобда 100 тоннага яқин ёқилғи тежалади. СО2 зарарли чиқиндилари йилига 315 тоннага камаяди. Йилига 4700 тонна атрофида ҳаво тежалади.

“Ўзаэронавигация” Маркази ДУК ўз фаолиятининг асосини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари устувор деб ҳисоблайди ва мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва экологик ҳолатини яхшилаш йўлида ишончли қадамлар қўймоқда. Шубҳасиз, ҲҲХК инновацион ёндашувлари ва янги услубларини жорий этиш Ўзбекистоннинг ҳозирги ва келажак авлодлари учун соғлом ва фаровон истиқболини кафолатлайди.

14-Aprel, 2025-yil 14:33